Главная / Сиёсат / Прокурорлар фаолияти рейтинг бўйича баҳоланади
Рекламный код можно тут разместить.

Прокурорлар фаолияти рейтинг бўйича баҳоланади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашди, деб хабар қилди ЎзА. Учрашувда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, прокуратура органлари масъул ходимлари ва фахрийлари иштирок этди.

«Сизларни 8 январь — Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман», — деди Президент.

«Бугун сизлар билан олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида гаплашиб олмоғимиз лозим, — деб қайд этди давлат раҳбари. — Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак».

«Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади, — деди Шавкат Мирзиёев. — Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт».

Мамлакат раҳбари қонунчилик базасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва қонунларни сўзсиз ижро этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, демократик ҳуқуқий давлатни ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик тараққиётини қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашда прокуратура органларининг роли катта эканини таъкидлаб ўтди.

Президент тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишида прокуратура органларининг роли ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни алоҳида таъкидлади. Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади. Бунинг учун ишбилармонларга кенг шароит яратиб беришимиз лозим. Прокурор тадбиркорга кўмакчи бўлиши, у билан ҳамкорликда ишлаши даркор.

Ҳозирги кунда Олий Мажлис Сенати томонидан ҳар йили Бош прокурорнинг ҳисоботи эшитилади. «Бу албатта муҳим, лекин жойлардаги прокурорларнинг ҳисоботини ким эшитади?» — деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади. Бундан ташқари, вилоятларда прокурорларнинг ишига қараб ойлик рейтинги тузиб борилади. Уларнинг фаолиятига рейтинг натижалари асосида баҳо берилади.

Сентябрда очилган бош вазир виртуал қабулхонасига (кейинроқ Президент виртуал қабулхонасига айлантирилди) фуқаролардан 311 минг мурожаат келиб тушди. Улар орасида прокуратура органлари фаолиятига тегишлилари ҳам кўпчиликни ташкил этади.

«Бу жуда ачинарли ҳолдир, — деди Президент. — Барчамиз ўзимизга бир савол берайлик: одамларда нима учун муаммолар бунчалик кўпайиб кетди, уларнинг дардини ким эшитади? Мурожаатларнинг аксарияти адолатсизликдан, уларни ҳеч ким эшитмаганидан бўлмоқда. Агар прокуратура органларининг эшиги аҳоли учун очиқ бўлганида, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бу қадар кўп мурожаат тушмас эди.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мазкур соҳа ходимлари ҳам ғоят масъулиятли вазифаларни бажармоғи лозим бўлади. Биронта ҳам мурожаат эътибордан четда қолмаслиги керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳаққимизда

Check Also

9j186P14845362961680_b

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига етиб келди

Ўзбекистон Президенти Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *