Главная / Спорт / Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Улуғ Она

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Улуғ Она

Эртага “Наполи” Неаполда “Реал”ни қабул қилади. Биринчи ўйиндаги натижа ушбу баҳсни ҳам шиддатли ўтишига ишорат қилади. Мана шу лаҳзада негадир мен Марадонага боғлаб эътироф этиладиган шаҳар жамоасини эмас, балки Италия футболини кўксида ушлаб турган клуб ҳақида гапирмоқчиман. Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит, дегандек. Кетдик бўлмаса…

Габриэль Гарсия Маркеснинг “Улуғ Она жанозаси” ҳикоясида Макондо халқининг онасига айланган зотнинг кўмиш маросими ҳақида сўз боради. Халқ бой Онани катта дабдаба остида кўмиш орқали аслида бошқа ҳолатга шаъма қилади: “У энди қайтиб келмайди. Қайтмайдиган одамни хоҳлаганча эъзозлаш мумкин, бу билан унинг обрўси ошар, локин бу бизга зарарсиздир, аксига олиб, Онанинг бор мероси бизга насиб этгач, унга умрбод ода айтиб ўтсак ҳам бўлаверади!”

2006 йилги “Ювентус”ни Италия аҳли шундай кузатиб қўйди. А Серия Буюк Онадан айрилган Макондони эслатарди. Турин суперклубига энг қаттиқ жазо тайинланиши остида унинг элита сафига жуда узоқ даврлар қайта олмаслигига чиройли ишорат ҳам ётарди. Энди буёғига “Интер” ва “Рома”ларнинг куни туғди, деб юборди ўшанда ҳамма.

Аммо… Буюк Она жуда тез қайтди. Кунларнинг бирида “Макондо аҳли” ўрнидан уйғонадию, бор меросини халққа ташлаб кетган Она тўрвахалтасини кўтарганча уларга қараб кулиб тургандек бўлди. Тамом, ҳамманг тарқал, жаноза бекор қилинади!

Тарихан буюк жамоаларнинг фақат ўзигагина хос бўлган қандайдир сифати бўлади, ҳеч сезганмисиз? Кимгадир асрлар давомидаги барқарорлик, кимгадир ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳужумкорлик позицияси, кимгадир иродали футбол, кимгадир эса ҳеч қачон таслим бўлмаслик сифати… Айнан шу сифат билангина эсга олинадиган бўлиб қолади ўша жамоалар. Ҳозирги мавзу бошқа клубларга алоқаси бўлмагани учун “Ювентус”нинг ўзи ҳақида гапира қолай, а?!

“Кекса синьора”даги буюклик жиҳатларини мен СИНМАСЛИК сифатида кўраман. Тарихан салоҳиятли бўлган Турин клуби шу сифат билан намоён бўлаверади кўз ўнгимда. Сувга ташласа, титилиб кетган парлардан бирлашиб пайдо бўладиган махлуққа, ўтга ташласа, тутунлардан яна зебрага айланиб оладиган жонзотга ўхшатавераман “Юве”ни. Чоҳга улоқтирса ҳам, йиллаб ярасини даволайдиган ва муҳим жанг олдидан ўрмонга қайтадиган рембосифат клуб тимсолида кўраман уни. Ҳар доим. Таниганимдан буён. Қизиғи, бу сафар ҳам шундай бўлди. Фильмнинг нечанчидир қисмида такрорланаётгандек, давоми яна ўша услубда ишлангандек туюлди менга.

Ўтган йилни эсланг. Даҳшатли чемпионликдан барчанинг хабари бор, албатта?! Бу чемпионлик олдингиларидан шу қадар жиддий фарқ қиладики, бунисидаги жозиба ва кулминацион нуқта бутун Европани шошириб қўйди. Жамоа мавсумни шармандаларча бошлаган, биринчи давра ўрталарида турнир жадвалининг охирларида борган, пешқадамлардан 15 очколаб ортда кетаётган ҳолидан бошланган юришнинг интиҳоси бўлди бу финиш!!!

Ўзига келиб олиш билан тезлик олган “Юве” шу кунгача тўхташ нималигини билмади. Ёввойи шиддат ила ўзидан тепада турганларга қараб ҳам ўтирмади. Тепага қараб учаверди, учаверди…

… Пастдан “кекса синьора” келаётганини кўриб, қайтанга “наполи”ю, “рома”лар довдирашга тушди.

… Шундоқ пастга қараганда “Юве”ни кўрган “интер”лар дудуқланишга ўтдилар.

… Аллегри жамоаси эса, ердан оловли шарчада кўтарилган ва узоқ сайёралардан бирига байроқ тикишга учиб кетаётган мультфильм қаҳрамонини ёдга солардики, бу учишни охиригача кўриш ҳаммага завқли эди. Ўтган ҳафта ўша байроқча “скудетто” деган сайёрачага михлаб, болтлари билан бураб ташлаб, ўрнатилди!

Ҳар бир мамлакатнинг икки хил “халқ жамоаси” бўлади. Бири, чет элликлар учун юртнинг юзи вазифасини бажарса, иккинчиси, миллий футбол менталитетининг шаклланишига асос бўлади. “Ювентус” Италия футболининг фитратини белгилаб берувчи клуб ҳисобланади. А серия жамоаларига қараганда кўпроқ мамлакат терма жамоасига ўхшайдиган клуб! Аниқроғи, “скуадро адзурра”нинг ядроси. Европа майдонларидаги натижаларидан кўра, мамлакат ичкарисидаги кўрсаткичлари яхшироқ. Асосий эътибор қайси томонга қараб кетганини кўрсатади энг муҳим жиҳат бу…

Ва қизиқ томони шуки, “Юве”нинг натижалари ҳам, ўйинлари ҳам, кўрсатадиган хунарлари ҳам мовий гвардиячиларнинг ўзгинаси. Чемпионликни ҳам бошқаларга имкониятлар бериб нишонлашию, исталган турнирни қандайдир ғайритабиий ҳолатлар билан тарк этишларигача ўхшайди. Мамлакат терма жамоаси катта натижаларни қўлга киритган даврларида ҳам айнан шу клуб вакиллари терманинг асосини ташкил этганини айтмай қўя қолай.

“Ювентус” ўтган йили ҳам ёмон ўйнамади, айнан бу йилгисини нима учун кўп таъкидлаяпсан, десангиз, айтаманки, ўтган йили ҳали буткул пишиб етилмаган ТИРИЛИШ эди. ЕЧЛ финали ва бу йилги ишончли ўйинлар асосидаги чемпионлик “Юве”ни росмана эски ҳолига қайтара олди, дейишимизга ёрдам беради. Биз билган “Ювентус” мана шу! У ростан қайтди! Бутунлай!

Аслини олганда, ҳозирги “Ювентус”нинг қайта тирилиши Турин аҳлинигина эмас, итальян халқини ҳам шодлантириши керак. Римлик болакайлар ҳам ичида хурсанд бўлишлари лозимки, Италия терма жамоасига бўладиган таъсир айнан Европа чемпионатидан олдин бу мамлакатга жуда ҳам даркор эди.

Албатта, “Ювентус”нинг ЕЧЛда ҳам муваффақиятга эришадиган даврлари қайтиб келиш учун унга рақобатдош клубларнинг уйғониши ҳам талаб этилади. Биргина жамоа билан бутун мамлакат футболи ислоҳ бўлиб қолиши мушкул. Асосий ишни айнан “Ювентус” бошлаб бериши кутилган эди, у шу ишни қилди. Буёғига энди, ЕЧЛда кўпроқ зафар қучишни биладиган бошқа италян жамоалари ҳам кўзини очса – кифоя, қараб турибсизки, асримизнинг бошларидаги даврлар яна кўз олдимизда-да! Шу шарафли ишга бугун “Милан” ва “Интер” эмас, балки “Наполи” яқин турибди.

“Хўш, рақиб қўрқинчли “Реал” бўлса, бизга нима? Биз Италия деганда “Ювентус”ни тасаввур қилишларини истамаймиз, биз ҳам тирикмиз!!!”

Бу сўзларни неаполлик йигитлар Марадонанинг овозида ўқиб кўришлари керак. Балки ўхшаб қолар-а ниҳоят?!

 

Хайрулла Ҳамидов

Рекламный блок-3

Ҳаққимизда

Яна маълумот

neymar-gol-dortmund

ЕЧЛ. ПСЖ чорак финалга йўл олди

Европа чемпионлар лигаси нимчорак финал босқичи доирасида Пари Сен-Жермен ўз уйида Дортмунднинг Боруссиясини қабул қилиб, ишончли ғалабани қўлга киритди