Главная / Жаҳон / Жаҳон янгиликлари дайжести

Жаҳон янгиликлари дайжести

Туркия — Нидерландия: дипломатик можаро авж олмоқда

Туркия ҳукумати аъзоларига Роттердамда турк конституциясига киритилган ўзгартишлар тўғрисидаги референдум ташвиқотини ўтказишга йўл қўймаганидан сўнг Нидерландияга халқаро дипломатиядан сабоқ бериб қўйишини маълум қилди. Президент Эрдўғон бундай қарорни Нидерландиядаги парламент сайловлари билан боғлади: «Агарда сиз чоршанба куни бўладиган сайлов учун турк-голланд муносабатларини қурбон қилишга қарор қилган бўлсангиз, бунинг учун жавоб берасиз». Нидерландия бош вазири Туркия раҳбарининг таҳдидига жавоб қайтарар экан, нима учун турк вазирларига ватандошлари қаршисида чиқиш қилишга рухсат берилмаганига ойдинлик киритди ва агарда Туркия можаролар йўлидан борса, Нидерландия ҳам худди шундай жавоб қайтаришини маълум қилди. «Туркия билан муносабатларимиз ёмон аҳволда, — деди Марк Рютте. — Биз вазирдан келмасликни сўраган эдик, чунки Роттердамда кескинлик ортишини кутгандик ва шу сабабли биз учун бундай ташриф маъқул эмас. Шунга қарамасдан улар келишди». // Euronews

Буюк Британия 2019 йил мартида ЕИни тарк этади

Британиянинг Brexit масалалари бўйича вазири Дэвид Дэвис BBC телеканали эфирида Буюк Британия 2019 йилнинг мартида ЕИ таркибидан чиқишини маълум қилди. «ЕИдан чиқиш ҳақидаги қарор ўтган йилнинг июнидаги референдумда британ халқи томонидан қабул қилинган эди. Ва бу амалга ошиши лозим», — дея қайд этган Дэвис британ парламенти вето қўйиш ҳуқуқига эга эмаслиги ва ҳукумат энг мақбул шароитларда Brexit’ни амалга оширишни мўлжаллаётганини таъкидлаб ўтди. Буюк Британиянинг ЕИ аъзолиги масаласи бўйича референдум ўтган йилнинг 23 июнь куни бўлиб ўтган, унда евроинтеграцияга қаршилар 51,9 фоизлик овоз билан ғалаба қозонган эди. // ТАСС

Мосулни озод қилиш шаҳардан тинч аҳолини чиқариш билан кечмоқда

Мосул шаҳрининг янгидан-янги кварталлари жангарилар қўлидан озод қилинар экан, шаҳарнинг янада кўпроқ аҳолиси у ерни тарк этмоқда. Ироқ армияси шаҳарнинг Тигр дарёсининг ўнг соҳилида ғарбий Мосулнинг учдан бир қисм ҳудудини ИШИД жангариларидан озод қилди. Операция февраль ўртасидан буён давом этмоқда. // Euronews

Аддис-Абеба яқинида ўнлаб кишилар маиший чиқиндилар кўчкиси остида ҳалок бўлди

Эфиопияда энг камида 46 киши улкан маиший чиқинди уюми босиб қолиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Мамлакат пойтахти Аддис-Абебага туташ шаҳарда одамлар улкан Кошэ чиқиндихонаси биқинида истиқомат қилган. Кўпчилик бу ерда ишлатиш ёки бозорда сотиш мумкин бўлган чиқиндиларни излашга келади. Шаҳар маъмуриятининг маълум қилишича, айнан улар кўчкининг асосий қурбонлари бўлган. Ҳалок бўлганлар сонига аниқлик киритилмоқда, ўнлаб кишилар жароҳат олган. Аддис-Абеба мэрининг тасдиқлашича, кўчки остидан 37 киши қутқариб қолиниб, тиббий ёрдам кўрсатилган. // Euronews

Ҳаққимизда

Check Also

wnA38U14935305482909_b

Кубада Ан-26 ҳарбий самолёти ҳалокатга учради

Кубада шанба куни тонгда самолёт қулашидан саккиз киши вафот этди.