Главная / Иқтисодиёт / Олмалиқда янги конга тамал тоши қўйилди

Олмалиқда янги конга тамал тоши қўйилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 август куни «Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи» лойиҳаси бўйича ишларни бошлашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди, хабар берди ЎзА


Март ойида давлат раҳбари комбинатни 2030 йилгача бўлган даврда ривожлантириш дастурини тасдиқлаган эди. Дастур доирасида мис ишлаб чиқаришни 1,4 баробар, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни 33 фоизга ошириш белгиланган.

Лойиҳани ўзлаштириш жараёнида битта темир йўлни янги жойга ўтказиш, иккита янги темир йўл қуриш, автомобиль йўллари барпо этиш кўзда тутилган. Узунлиги 1,4 километрлик туннель ва 3,1 километр конвейер йўли қурилади, ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика ва бошқа инфраструктура объектлари барпо этилади. Янги мис-бойитиш комплекси, мисни электролиз қилиш, олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш цехлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилади.

Лойиҳа 2028 йилда тўлиқ қувват билан ишга тушади. Натижада 10 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари ёш мутахассислар учун 2017−2021 йилларда 400 оилага мўлжалланган тўққизта янги кўп қаватли уй, мактабгача таълим муассасаси ва 240 ўринли иккита ётоқхона барпо этилади.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан экспортга чиқарилади.

Маросимда нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев шундай деди: «Юртимиз ер ости бойликларига бой, лекин биз ундан унумли фойдалана олмаяпмиз. Биз геология соҳасини ривожлантиришга етарлича эътибор қаратмадик. Энди бу йўналишдаги ишларни тубдан яхшилаймиз ва соҳани тубдан такомиллаштирамиз».

«Кечаги кун билан яшаш вақти ўтди. Бугун замон ўзгармоқда, биз ҳам шу шиддатга мос равишда ўзгаришимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мазкур лойиҳани кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур тармоқда ишлаётган ёшларнинг кўплигини инобатга олиб янги очилган конга «Ёшлик» кони, деб ном беришни таклиф қилди. Мажмуага тантанали равишда тамал тоши қўйилди.

Ҳаққимизда

Check Also

loEPaT14464831911818_b

Мактаб ва поликлиникаларда бухгалтерия қисқартирилади

Халқ таълими туман ва шаҳар бўлимлари ҳамда тиббиёт бирлашмаларида марказлашган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилади.