Главная / Спорт / Юксак натижаларга эришган спортчиларга умрбод ойлик тўланади

Юксак натижаларга эришган спортчиларга умрбод ойлик тўланади

Президент Шавкат Мирзиёев 10 август куни «Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.


Ҳужжатда Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларини жисмоний тарбия ва спорт соҳасини бошқаришга фаол кўмаклашиш, жамоат ва спорт ишларига босқичма-босқич жалб этишга доир «Катта спортдан кейинги фаолият» ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спортчиларга умрбод тўланадиган ойлик тўловлар, уларнинг тренерларига эса бир марталик пул мукофотлари билан тақдим этилади. Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар учун умрбод тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилиши назарда тутилган.

2018−2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида сиртқи бўлим очиш режалаштирилмоқда. Бу, ўз навбатида, спортчиларга машғулот ва мусобақалар билан боғлиқ фаолиятларидан ажралмаган ҳолда таълим олишларига ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги билимларини оширишга ва келажакда мураббийлар сафига қўшилишларига имконият яратади.

Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари бир йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш курсидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, мамлакатимизнинг нуфузли спорт мусобақалари ғолиб ва совриндор спортчилари тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида 3 ва 6 ойлик қисқа муддатли махсус ўқув курслари ташкил этилиши ва Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларига тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли равишда рухсат бериш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларига хусусий спорт муассасаларини барпо этиб, ўзларининг маҳорат мактаблари фаолиятини кенг йўлга қўйиш имкониятини яратиш мақсадида уларга «ноль» қийматида бинолар бериш, ер ҳамда банклардан кредитлар ажратиш, бошқа имтиёзлар бериш юзасидан зарур чоралар кўриш белгиланди.

Ҳаққимизда

Яна маълумот

pellegri1

А Серия рекордчисига 7 жамоа қизиқиш билдирмоқда

Женоа аъзоси Пьетро Пеллегрига 7 жамоадан қизиқиш бўлмоқда