Главная / Жамият / ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

instansiyaҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИДА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР ЧУҚУРЛАШТИРИЛГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 24 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2009 йил 4 декабрда маъқулланган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 майда қабул қилинган «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги 837-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 5, 221-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 4-5, 126-модда; 1998 йил, № 9, 181-модда; 2000 йил, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 12, 604-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 1-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари
Ушбу Қонуннинг мақсади сувга доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлаш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларининг ҳолатини яхшилашдан, шунингдек сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир»;
2) қуйидаги мазмундаги 21-модда билан тўлдирилсин:
«21-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ер ости сувлари — ер сатҳидан пастда ер қобиғининг тоғ жинслари қатламларида жойлашган сувлар;
ер усти сувлари — ер қобиғининг устида жойлашган сувлар;
мелиорация объектлари — коллектор-дренаж ва ер усти ташлама сувларини тўплаш ҳамда уларни суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган, коллекторларни ва коллектор-дренаж тармоғини, вертикал дренаж қудуқларини, мелиорация насос станцияларини (агрегатларини) ва кузатув тармоғини ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;
сувлар — сув объектларида тўпланган барча сувлар мажмуи;
сув истеъмоли (сувни истеъмол қилиш) — юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув ресурсларидан уларни сув объектидан белгиланган тартибда олган ҳолда фойдаланиш;
сув истеъмолчилари уюшмаси — юридик шахс бўлган сув истеъмолчилари томонидан сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти;
сув истеъмолчиси — ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув объектидан сув ресурсларини белгиланган тартибда олувчи юридик ёки жисмоний шахс;
сув объекти — сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ер ости сувли қатламлари) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек булоқлар ва бошқа объектлар;
сув объектларини муҳофаза қилиш — сув объектларини сақлаш ва тиклашга қаратилган тадбирлар тизими;
сув режими — сув объектлари ва тупроқ-грунтда сув сатҳи, тезлиги, сарфи ва ҳажмининг вақт бўйича ўзгариши;
сув ресурслари — фойдаланиладиган ёки фойдаланилиши лозим бўлган сув объектлари сувлари;
сув хўжалиги — иқтисодиётнинг сув ресурсларини ва сув объектларини ўрганиш, ҳисобга олиш, бошқариш, улардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирига қарши курашишни қамраб олувчи тармоғи;
сув хўжалиги объекти — сув ресурсларини тўплаш, бошқариш, етказиб бериш, улардан фойдаланиш, уларни истеъмол қилиш, ажратиб бериш ва муҳофаза қилиш мақсадида сув хўжалиги фаолияти амалга ошириладиган сув объекти;
сувдан фойдаланиш — юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
сувдан фойдаланувчи — сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;
сувларнинг зарарли таъсири — сув тошиши, сув босиши, зах босиши ва сувларнинг ўзга таъсирлари натижасида айрим табиий-хўжалик объектлари ва ҳудудларнинг ювилиши, бузилиши, лойқа чўкиши, ботқоқланиши, шўрланиши ва бошқа салбий ҳодисалар;
трансчегаравий сув объектлари — икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган сув объектлари;
трансчегаравий сувлар — икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган ҳар қандай ер усти ёки ер ости сувлари»;
3) 4-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ягона давлат сув фонди:
жилғалар, сойлар, дарёлар, сув омборлари, кўллар, денгизлардан, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари, булоқлар, ҳовузларнинг сувлари ва бошқа ер усти сувларидан;
ер ости сувлари, қор захиралари ва музликлардан иборатдир.
Трансчегаравий сув объектларининг (Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари, Орол денгизи ва бошқа трансчегаравий сув объектларининг) сувларидан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланади»;
4) 6-модданинг иккинчи — тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш соҳасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, бошқа юридик шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
сув фондини ҳосил қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини, сувдан фойдаланиш, сув истеъмоли меъёрларини ва сув объектидан сув олиш лимитларини (бундан буён матнда сув олиш лимитлари деб юритилади) тасдиқлаш тартибини белгилаш»;
5) 7-модданинг:
номи ва биринчи хатбошисидаги «Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг» деган сўзлар «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбошисидаги «сув истеъмолининг белгиланган» деган сўзлар «белгиланган сув олиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
6) 8-модданинг:
биринчи қисмидаги «маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, шунингдек бу соҳада махсус ваколати бўлган ҳамда сувдан фойдаланишни бевосита ёки ҳавза (ҳудудий) бошқармалари орқали тартибга солиб турувчи давлат органлари» деган сўзлар «маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек сувдан фойдаланишни бевосита ёки ҳавза (ҳудудий) бошқармалари орқали тартибга солувчи махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
иккинчи қисмидаги «махсус ваколати бўлган давлат органлари» деган сўзлар «махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
7) 9-модданинг:
биринчи қисмидаги «мулкчиликнинг барча шаклларидаги» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
иккинчи қисмидаги «маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари» деган сўзлар «маҳаллий давлат ҳокимияти органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8) 10-модда, IV бобнинг номи ва 11-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10-модда. Сувлардан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда сув истеъмолчилари уюшмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек фуқароларнинг иштироки
Сув истеъмолчилари уюшмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ ҳамда фуқаролар сувлардан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда давлат органларига кўмаклашади. Давлат органлари бу тадбирларни ўтказишда сув истеъмолчилари уюшмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шунингдек фуқароларнинг таклифларини ҳисобга олиши мумкин.
IV БОБ. СУВЛАРНИНГ ВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲОЛАТИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ КОРХОНАЛАР, ИНШООТЛАРНИ ҲАМДА БОШҚА ОБЪЕКТЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ, ЛОЙИҲАЛАШ, ҚУРИШ, РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ, ТАЪМИРЛАШ, ТИКЛАШ ВА ИШГА ТУШИРИШ
11-модда. Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва ишга тушириш шартлари
Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва ишга туширишда, янги технологик жараёнларни жорий этишда аҳолининг соғлиғини сақлаш ва ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини ҳамда маиший эҳтиёжларини биринчи навбатда қондириш талабларига риоя этган ҳолда сувдан оқилона фойдаланиш, шунингдек коллектор-дренаж сувларини ва оқинди сувларни чиқариб юборишнинг қулай режими таъминланиши лозим. Бунда сув объектларидан олинадиган ва шу объектларга қайтариладиган сувни ҳисобга олишни, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлашни, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олишни, ерларнинг сув босишини имкон қадар камайтиришни, ерларни шўрланишдан, зах босишдан ёки қақраб қолишдан муҳофаза қилишни, шунингдек қулай табиий шароитлар ва ландшафтларни сақлаб қолишни таъминловчи тадбирлар назарда тутилади.
Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари сув объектларидан дам олиш ва спорт учун фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда тузилиши лозим»;
9) 12-модда «қуриш» деган сўздан кейин «реконструкция қилиш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
10) 13 ва 14-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13-модда. Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектлар қуриладиган, реконструкция қилинадиган, таъмирланадиган ва тикланадиган жойларни белгилаш
Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектлар қуриладиган, реконструкция қилинадиган, таъмирланадиган ва тикланадиган жойларни белгилаш мазкур сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар, шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотлар билан қонун ҳужжатларига мувофиқ келишиб олинади.
14-модда. Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаларининг келишиб олиниши ва давлат экспертизаси
Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари қишлоқ ва сув хўжалиги, санитария назорати, табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари ҳамда бошқа органлар билан келишиб олиниши лозим, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат экспертизасидан ўтказилади.
Мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилади.
Ишлаб чиқариш шароитларига кўра айланма сув таъминотига ва чиқитсиз технологияга ўтказилиши мумкин бўлмаган саноат корхоналарининг сув билан тўхтовсиз таъминлаш тизимларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилишга йўл қўйилмайди»;
11) 15-модданинг номи ва биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15-модда. Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни ишга туширишни тақиқлаш
Қуйидагиларни:
сувларнинг булғаниши ва ифлосланишининг олдини олувчи қурилмалар билан таъминланмаган, шунингдек сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига салбий таъсир кўрсатувчи янги ҳамда реконструкция қилинган корхоналар, цехлар, агрегатларни, коммунал ва бошқа объектларни;
ерларнинг сув босиши, зах босиши, ботқоқланиши, шўрланишининг ҳамда тупроқ эрозиясини олдини олишнинг лойиҳаларда назарда тутилган тадбирлари амалга оширилмагунча суғориш ва сув билан таъминлаш тизимларини, сув омборлари ва каналларни;
тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ сув қабул қиладиган ва бошқа иншоотларни қуриб битказмай туриб, зах қочириш тармоқларини;
тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ балиқларни сақлаб қолиш қурилмалари бўлмаган сув олиш иншоотларини;
тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ тошқин сувларни ва балиқларни ўтказиб юборадиган қурилмалари тайёр бўлмаган гидротехника иншоотларини;
ер ости сув захиралари тасдиқланмаган сув олиш иншоотлари гуруҳини;
сувни тартибга солувчи қурилмалар билан таъминламай туриб ва тегишли ҳолларда санитария муҳофазаси зоналарини белгиламай туриб, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқларни ишга тушириш тақиқланади»;
12) 16-модда, V бобнинг номи ва 17-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«16-модда. Сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаларини келишиб олиш
Сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш органлари ҳамда зарур ҳолларда, энергетика, архитектура ва қурилиш органлари, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (кемалар қатновини белгилаш юзасидан) билан келишиб олиниши ҳамда тошқин сувларни ўтказиб юборишни, сув объектларидан фойдаланиш режимини, сувларнинг булғаниши, ифлосланиши ва камайиб кетишига йўл қўймасликни, уларнинг зарарли таъсирининг олдини олишни таъминловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутиши лозим.
Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари қишлоқ ва сув хўжалиги органлари билан, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа органлар билан келишиб олиниши ҳамда тошқин сувларни ўтказиб юборишни, сув объектларидан фойдаланиш режимини, сувларнинг булғаниши ва ифлосланишининг олдини олишни таъминловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутиши керак.
V БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДА, СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ СУВНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ЗОНАЛАРИ, СОҲИЛ БЎЙИ МИНТАҚАЛАРИДА ВА САНИТАРИЯ МУҲОФАЗАСИ ЗОНАЛАРИДА ИШЛАРНИ БАЖАРИШ
17-модда. Сув объектларида, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида ишларни бажариш тартиби
Сув объектларида, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида, ер ости сувлари ҳосил бўладиган ҳудудларда сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи қурилиш, таъмирлаш, тиклаш, ўзан тубини чуқурлаштириш ва портлатиш ишлари, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ва сув ўсимликларини олиш, кабеллар, қувурлар ҳамда бошқа коммуникацияларни ўтказиш, дарахтларни кесиш, бурғилаш, қишлоқ хўжалиги ишлари ва ўзга ишлар қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, табиатни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология ва минерал ресурслар органлари ва бошқа органлар билан келишилган ҳолда бажарилади.
Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи ишлар ушбу Қонун талабларига мувофиқ равишда, илмий асосланган норма ва қоидалар асосида қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, балиқчилик хўжалиги, ўрмон хўжалиги, маиший ва коммунал хўжалик манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади»;
13) VI бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«VI БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР, СУВ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ ВА УЛАР ФОЙДАЛАНАДИГАН ОБЪЕКТЛАР»;
14) 18-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«18-модда. Сувдан фойдаланувчилар
Сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари, коммунал-маиший соҳа, гидроэнергетика корхоналари, бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар сувдан фойдаланувчилар бўлиши мумкин»;
15) қуйидаги мазмундаги 181 ва 182-моддалар билан тўлдирилсин:
«181-модда. Сув истеъмолчилари
Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сув истеъмолчилари бўлиши мумкин.
182-модда. Сув истеъмолчилари уюшмалари
Сув истеъмолчилари уюшмалари асосан гидрография принципига ёки сув ресурсларини оқилона бошқариш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган бошқа шартларга мувофиқ ташкил этилади.
Фермер хўжаликлари, юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари, шунингдек юридик шахс бўлган бошқа сув истеъмолчилари сув истеъмолчилари уюшмаларининг муассислари бўлиши мумкин.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек бошқа сув истеъмолчилари сув истеъмолчилари уюшмаларининг аъзолари бўлиши мумкин.
Сув истеъмолчилари уюшмаси ва унинг хизмат кўрсатиш зонасида жойлашган аъзолари, шунингдек бошқа қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ҳамда ўзга юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги сувга доир муносабатлар шартнома асосида тартибга солинади»;
16) 19-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сувдан фойдаланиш объектлари бўлиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланишга берилиши мумкин»;
17) қуйидаги мазмундаги 191-модда билан тўлдирилсин:
«191-модда. Сув истеъмоли манбалари
Сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сув истеъмоли манбалари бўлиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сув истеъмоли учун берилиши мумкин»;
18) VII бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«VII БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ ТУРЛАРИ»;
19) 21-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21-модда. Сувдан фойдаланиш турлари
Сув объектидан сув олиш усулига, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этилишига қараб сувдан фойдаланиш сувдан умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади.
Жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда ўз эҳтиёжларини ҳамда бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадида сувдан фойдаланиш сувдан умумий фойдаланишдир.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган сувдан фойдаланиш сувдан махсус фойдаланишдир. Сувдан махсус фойдаланишга айрим ҳолларда махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда, аммо сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган сувдан фойдаланиш ҳам киритилиши мумкин.
Сувдан умумий ва махсус фойдаланиш турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин.
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ёки жисмоний шахсларга бутунлай ёки қисман фойдаланишга берилган сув объекти танҳо фойдаланиладиган сув объектидир.
Танҳо фойдаланишга берилмаган сув объекти биргаликда фойдаланиладиган сув объектидир.
Сув объектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қишлоқ ва сув хўжалиги, санитария назорати, табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари билан келишилган ҳолда фойдаланишга берилади.
Сув объектлари сувдан фойдаланувчиларга сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалиги, ичимлик, даволаш ва маиший эҳтиёжларини, аҳолининг курорт, рекреация ва ўзга эҳтиёжларини, саноат, энергетика, транспорт, балиқчилик хўжалиги ҳамда бошқа давлат ёки жамоат эҳтиёжларини қондириш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда фойдаланишга берилади.
Оқинди сувларни оқизиш учун сув объектларидан фойдаланишга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳамда махсус талаблар ва шартларга риоя қилинган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.
Сув объектлари битта ёки айни бир вақтда бир нечта мақсадда фойдаланишга берилиши мумкин»;
20) қуйидаги мазмундаги 211-модда билан тўлдирилсин:
«211-модда. Сув истеъмоли турлари
Мақсадли фойдаланилишига кўра сув истеъмоли ичимлик, коммунал-маиший, даволаш, курорт, рекреация, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги сув истеъмолига ва бошқа турларга бўлинади. Сув объектидан олинадиган сувнинг миқдорига қараб сув истеъмоли умумий ва махсус сув истеъмолига бўлинади.
Жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда ўз шахсий ичимлик, маиший, рекреация, даволаш эҳтиёжлари, ҳайвонларни суғориш ва бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадидаги сув истеъмоли умумий сув истеъмолидир.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган сув истеъмоли махсус сув истеъмолидир. Махсус сув истеъмолига айрим ҳолларда махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда, аммо сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган сув истеъмоли ҳам киритилиши мумкин.
Сув ресурслари қонун ҳужжатларида назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда истеъмол учун берилади»;
21) 22, 23 ва 24-моддалар чиқариб ташлансин;
22) 26-модданинг иккинчи қисми «махсус фойдаланиш» деган сўзлардан кейин «ёки сувни махсус истеъмол қилиш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
23) 27-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«27-модда. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби
Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш рухсатнома асосида амалга оширилади.
Табиий сув объектларининг сувидан махсус фойдаланиш ёки уларнинг сувини махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома ер усти сувлари бўйича — қишлоқ ва сув хўжалиги органлари, ер ости сувлари бўйича — геология ва минерал ресурслар органлари, минерал ва термал сувлар бўйича — саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органларининг таклифлари асосида табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан берилади.
Сунъий сув объектларининг сувидан махсус фойдаланиш ёки уларнинг сувини махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома:
ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига, магистрал каналлар (тизимлар) бошқармаларига, сув омборларидан фойдаланиш бошқармаларига, трансчегаравий сув объектларидан, вилоятлараро аҳамиятга молик сув объектларидан, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотларга, насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаларига, мелиорация экспедицияларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига — республика ёки вилоятлараро аҳамиятга молик сув объектларидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан;
ирригация тизимлари бошқармаларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига — вилоят ёки туманлараро аҳамиятга молик сув объектларидан ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан;
сув истеъмолчилари уюшмаларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига — туман аҳамиятига молик сув объектларидан ирригация тизимлари бошқармалари томонидан;
ўзлари хизмат кўрсатадиган зонада жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда бошқа сув истеъмолчиларига—қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан берилади.
Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади»;
24) 28-модданинг русча матнидаги «законодательными актами» деган сўзлар «актами законодательства» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
25) 29 ва 30-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«29-модда. Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларида сувдан умумий фойдаланиш ва умумий сув истеъмоли
Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларида сувдан умумий фойдаланишга ва умумий сув истеъмолига шу сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган ҳолда белгиланган шартларга кўра йўл қўйилади, зарур ҳолларда эса, бундай сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқлаб қўйилиши мумкин.
30-модда. Сув олиш лимитлари
Сув олиш лимитлари барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига нисбатан белгиланади.
Сув олиш лимитлари (ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) қишлоқ ва сув хўжалиги органлари томонидан сув манбалари, ҳавза ирригация тизимлари, магистрал каналлар (тизимлар), ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари бўйича белгиланади, ер ости сувлари борасида эса геология ва минерал ресурслар ҳамда саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа сув истеъмолчилари учун сув олиш лимитлари уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланади.
Коммунал ва маиший хўжаликларнинг сув олиш лимитлари тегишли фойдаланувчи ташкилотлар томонидан белгиланади.
Сув олиш лимитлари сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари учун манбаларнинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилиги ҳисобга олинган ҳолда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бир йилда икки марта ҳамда бошқа эҳтиёжлар учун бир йилда бир марта белгиланади ва улар учун мажбурийдир.
Сувдан фойдаланувчиларнинг сувни етказиб бериш бўйича хизматлари, шунингдек кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун шартнома асосида ҳақ тўланади»;
26) IX бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«IX БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ»;
27) 32-модда:
учинчи — олтинчи хатбошилари қуйидаги мазмундаги учинчи — саккизинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«сувдан фойдаланишни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иншоотлар, қурилмалар ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш;
берилаётган сувнинг миқдори ва сифатини текшириш;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бўйича олинмай қолган сув учун компенсация талаб қилиш;
сув ресурсларини бошқаришга оид қарорлар қабул қилинишида иштирок этиш;
манбанинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилигидан келиб чиққан ҳолда сув олиш лимитларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;
ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши, шу жумладан белгиланган сув олиш лимитлари ва сув бериш режимига мувофиқ сув олиш ҳуқуқининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Сувдан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин»;
28) қуйидаги мазмундаги 321-модда билан тўлдирилсин:
«321-модда. Сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари
Сув истеъмолчилари:
берилаётган сувнинг миқдори ва сифатини текшириш;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, сув истеъмоли тўғрисидаги шартнома бўйича олинмай қолган сув учун компенсация талаб қилиш;
сув ресурсларини бошқаришга оид қарорлар қабул қилинишида иштирок этиш;
ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда сув олиш лимитларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;
сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун уюшмаларга (иттифоқларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашиш;
ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши, шу жумладан белгиланган сув олиш лимитлари ва сув бериш режимига мувофиқ сув олиш ҳуқуқининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
Сув истеъмолчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин»;
29) 33, 34 ва 35-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«33-модда. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш
Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади.
Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг бузилган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тикланиши лозим.
34-модда. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқларини чеклаш
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадини, давлатнинг бошқа манфаатларини, шунингдек ўзга сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг манфаатларини кўзлаб, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари чекланиши мумкин. Бунда аҳолининг ичимлик ва маиший эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланиш шароитлари ёмонлашмаслиги лозим.
35-модда. Сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари
Сувдан фойдаланувчилар:
сув объектларидан оқилона фойдаланиши, сувни тежаб сарфлаш, сувларнинг сифатини тиклаш ва яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилиши;
белгиланган сув олиш лимитларига ва сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этиши;
сувдан махсус фойдаланишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатномани расмийлаштириши;
ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган оқинди сувларни сув объектларига оқизишни тамомила тугатиш чора-тадбирларини кўриши;
бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув объектларига, хўжалик объектлари ва табиий ресурсларга (ерлар, ўрмонлар, ҳайвонот дунёси, фойдали қазилмалар ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;
сув объектларини, сувни муҳофаза қилиш иншоотларини ва бошқа иншоотларни, техник қурилмаларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, уларни ишлатиш сифатини яхшилаши ҳамда улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;
сувни олиш ва беришда сув миқдори ҳисобини юритиши, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоботни тақдим этиши;
сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида шартномавий асосда тўлаши;
сувни тежаш чора-тадбирларини кўриши;
сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда сув истеъмолчиларига кўмаклашиши;
сувларнинг булғаниши, ифлосланиши ва камайиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларига сувларнинг зарарли таъсирини бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши, шунингдек ер усти ва ер ости сувлари тўпланадиган майдонларнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;
сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини сақлашнинг белгиланган режимига риоя қилиши;
сувлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг вакилларини ўз сув хўжалиги объектларига белгиланган тартибда киритиши ҳамда уларга зарур ахборотни тақдим этиши;
сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган авариялар ва бошқа табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз вақтида хабардор қилиши ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишда, шунингдек сув объектларида таъмирлаш-тиклаш ишларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиши;
балиқларни, бошқа сув флораси ва фаунасини муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириши шарт.
Сувдан фойдаланувчилар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин»;
30) қуйидаги мазмундаги 351-модда билан тўлдирилсин:
«351-модда. Сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари
Сув истеъмолчилари:
сув ресурсларидан оқилона фойдаланиши, сувнинг мақсадсиз истеъмол қилинишига йўл қўймаслиги, сувни тежаб сарфлаш, сувларнинг сифатини тиклаш ва яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилиши;
белгиланган сув олиш лимитлари ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этиши;
сувни махсус истеъмол қилишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатномани расмийлаштириши;
ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган оқинди сувларни сув объектларига оқизишни тамомила тугатиш чора-тадбирларини кўриши;
бошқа сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув объектларига, хўжалик объектлари ва табиий ресурсларга (ерлар, ўрмонлар, ҳайвонот дунёси, фойдали қазилмалар ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаши, ички сув объектлари ва иншоотларини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;
олинаётган сув миқдори ҳисобини юритиши ва сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома берган органларга зарур ахборотни тақдим этиши;
сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида шартномавий асосда тўлаши;
сувни тежаш чора-тадбирларини кўриши;
сувларни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда келишилган технология, ўрмон-мелиорация, агротехника, гидротехника, санитария тадбирлари ва бошқа тадбирларни амалга ошириши;
сувларнинг булғаниши, ифлосланиши ва камайиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга оширишда ўзларига хизмат кўрсатувчи сувдан фойдаланувчиларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг талабига кўра иштирок этиши, шунингдек ер усти ва ер ости сувлари тўпланадиган майдонларнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;
сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларига риоя этиши;
сувлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг вакилларини ўз сув хўжалиги объектларига белгиланган тартибда киритиши ҳамда уларга зарур ахборотни тақдим этиши;
сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган авариялар ва бошқа табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида ўзларига хизмат кўрсатувчи сувдан фойдаланувчиларни, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз вақтида хабардор қилиши, шунингдек уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишда иштирок этиши;
балиқларни, бошқа сув флораси ва фаунасини муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириши шарт.
Сув истеъмолчиларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин»;
31) X бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«X БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНИ БЕКОР ҚИЛИШ»;
32) 36 ва 37-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«36-модда. Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилиш асослари
Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи:
сувдан фойдаланишга, сув истеъмолига эҳтиёж қолмаганда ёки улардан воз кечилганда;
сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли муддати тугаганда;
корхона, муассаса, ташкилот, фермер хўжалиги тугатилганда, деҳқон хўжалиги тугатилганда (фаолияти тугатилганда);
сув хўжалиги иншоотлари бошқа сувдан фойдаланувчиларга берилганда;
танҳо фойдаланилаётган сув объектларини қайтариб олишга зарурат туғилганда бекор қилинади.
Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилиш қоидалари бузилган ёхуд сувдан мақсадсиз фойдаланилганда ёки сув мақсадсиз истеъмол қилинганда ҳамда лимитдан ортиқча сув олинганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик, сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар тўланмаган тақдирда ҳам сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин (ичимлик ва маиший эҳтиёжлар учун сувлардан фойдаланиш ҳуқуқи бундан мустасно).
Қонун ҳужжатларида сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам назарда тутилиши мумкин.
37-модда. Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилиш тартиби
Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи:
сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатномани бекор қилиш;
танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларини қайтариб олиш йўли билан бекор қилинади.
Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун унга рухсатнома берган органнинг қарори билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади»;
33) 39-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«39-модда. Сув хўжалиги тадбирларини ўтказиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли шартларини бекор қилиш ёки ўзгартириш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш
Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларга сув хўжалиги тадбирларини (сув объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини ва бошқаларни) ўтказиш, сувлардан нооқилона фойдаланиш, уларни булғатиш, ифлослантириш, камайтириш, шунингдек сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли шартларини қонунга хилоф равишда бекор қилиш ёки ўзгартириш натижасида етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда қопланади.
Сув объектларининг соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида қонунга хилоф равишда қурилган объектлар ҳамда қонунга хилоф равишда ўзлаштирилган ер участкаларида сув хўжалиги тадбирларини ўтказиш чоғида етказилган зарарнинг ўрни қопланмайди»;
34) 40-модданинг матнидаги «санитария» деган сўз «санитария-гигиена» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
35) 41-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олаётган сувларини ҳисобга олиб боришни ташкил этади, сув билан таъминлаш манбаларидаги сувнинг сифати ҳолатини мунтазам кузатиб боради ва манбаларда сув сифати ўзгарганлиги ҳамда ишлатилган сув миқдори ҳақида табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш, санитария назорати органларига ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига маълумотлар бериб туради»;
36) 42-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Аҳолининг ичимлик, маиший ва бошқа эҳтиёжларини марказлаштирилмаган тартибда сув билан таъминлаш учун сув объектларидан фойдаланганда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ва фуқаролар сувдан умумий ёки махсус фойдаланиш ёхуд сувни умумий ёки махсус истеъмол қилиш тартибида бевосита ер усти ёки ер ости сув объектларидан сув олишга ҳақлидир. Зарур ҳолларда, бундай сув олиш каналлар, коллекторлар, сув омборларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш чоғида назарда тутилиши ва меъёрлаб қўйилиши лозим. Шу мақсадлар учун мўлжалланган сув олиш иншоотларидан фойдаланиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларига мувофиқ ҳамда сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш, санитария назорати органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари мазкур сув олиш иншоотларининг тегишли санитария-техника ҳолатида бўлишини таъминлаши шарт»;
37) 44-модданинг иккинчи қисмидаги «кончиликни назорат қилиш давлат идоралари» деган сўзлар «саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
38) 47, 48, 49 ва 50-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«47-модда. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли
Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари, ташкилотлари, фермер ва деҳқон хўжаликларининг, шунингдек фуқароларнинг суғориладиган ерларида қулай сув режимини вужудга келтириш мақсадида амалга оширилади.
Сув объектларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш лимит бўйича сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя этган ҳолда сувдан умумий ва махсус фойдаланиш ёки сувни умумий ва махсус истеъмол қилиш тартибида амалга оширилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув олиш лимитлари уларнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас, манбаларнинг суви камайган ҳоллар бундан мустасно.
Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома ушбу Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ берилади.
48-модда. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланишни ва сув истеъмолини режалаштириш
Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳар йилги сув билан ҳақиқий таъминланганлик ҳисобга олинган ҳолда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари асосида амалга оширилади.
Коллектор-дренаж тармоғида сувдан фойдаланишни ва сув истеъмолини режалаштириш мелиорация қилинаётган ерларнинг ҳолатини, коллектор-дренаж суви сифатини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Сув истеъмоли режалари сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан тузилади ва тасдиқланади. Сув истеъмолчилари уюшмалари сув истеъмоли режаларини умумлаштиради ва уюшмаларнинг сувдан фойдаланиш режаларини тузади.
Сув истеъмолчилари уюшмаларининг сувдан фойдаланиш режалари ирригация тизимлари бошқармалари ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан умумлаштирилади.
Қуйидагилар:
ирригация тизими бошқармаси туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда — сув истеъмолчилари уюшмалари бўйича;
ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тегишли ҳудудий органлари билан келишилган ҳолда — ирригация тизими бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалиги бош бошқармаси — ҳавза ирригация тизими бўйича, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари бўйича тузилган ва умумлаштирилган сувдан фойдаланиш режаларини тасдиқлайди.
49-модда. Суғориладиган ерларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг ўзига хос хусусиятлари
Суғориладиган ерларда каналлар, мураккаб муҳандислик иншоотлари, мелиорация тармоғи барпо этилганлиги шундай ерларнинг ўзига хос хусусиятидир.
Сув фонди ерларидан, сув объектларидан, суғориладиган ерлар доирасидаги сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари сув хўжалиги объектлари ва иншоотларидан ягона сув хўжалиги тизими сифатида фойдаланилади, улар давлат мулки бўлиб, хусусийлаштирилиши мумкин эмас.
Сув объектларининг соҳил бўйи минтақалари, ер ости суви чиқаргичи санитария муҳофазаси зоналарининг хўжалик-ичимлик суви мақсадидаги I ва II пояслари табиатни муҳофаза қилиш эҳтиёжлари учун ер эгалари ва ердан фойдаланувчилардан олиб қўйилиши мумкин.
Суғориладиган деҳқончилик эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланиш лимит бўйича сувдан фойдаланишнинг ёки сувни истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Сувни фақат рўйхатдан ўтказилган, сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланган сув ажратиш жойларидан (каналларнинг сув олиш иншооти, қудуқ, насос станцияси (агрегати) ва бошқа сув олиш иншоотлари) шартномавий асосда олишга рухсат берилади.
50-модда. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланувчи сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари
Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланувчи сувдан фойдаланувчилар ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:
сув ресурсларини самарали бошқариши, лимитдан ортиқча сув олинишига ва сувдан мақсадсиз фойдаланилишига йўл қўймаслиги;
белгиланган тартибда янги сув объектлари қурилишини ва ишлаб турганлари реконструкция қилинишини, шунингдек суғориладиган ерларнинг комплекс реконструкция қилинишини ташкил этиши;
сувни тежайдиган технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва усулларини такомиллаштиришда сув истеъмолчиларига кўмаклашиши;
қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сувларнинг мониторинги асосида салбий жараёнларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиши шарт»;
39) қуйидаги мазмундаги 501-модда билан тўлдирилсин:
«501-модда. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ресурсларидан фойдаланувчи сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари
Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ресурсларидан фойдаланувчи сув истеъмолчилари ушбу Қонуннинг 351-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:
қишлоқ хўжалиги экинлари ва дов-дарахтларини суғориш, шунингдек яйловларга сув чиқаришнинг қулай режимини сақлаши;
сувни тежайдиган технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва усулларини такомиллаштириши;
сувни тежаш имконини берадиган агротехника тадбирларини амалга ошириши;
тупроқ унумдорлигини сақлаш имконини берадиган мелиорация тадбирларини амалга ошириши;
суғориш учун берилган сувларнинг коллектор-дренаж тармоғига ва бошқа сув объектларига оқизиб юборилишига йўл қўймаслиги;
сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклашда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиши шарт»;
40) 51-модданинг иккинчи қисмидаги «корхоналар ҳамда ташкилотлар» деган сўзлар «корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда фуқаролар» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
41) 53 ва 54-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«53-модда. Жамоа боғлари, токзорлари, экинзорларини ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сув объектларидан фойдаланиш
Жамоа боғлари, токзорлари, экинзорларини ва томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш сув истеъмоли тўғрисидаги шартнома асосида сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Фуқароларнинг экинзорларини ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сув ресурсларини ажратиш сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сув олиш лимитларида назарда тутилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларнинг экинзорларни ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сувга бўлган эҳтиёжларини умумлаштиради, сув истеъмоли тўғрисида шартномалар тузади ва улар ўртасида сувни истеъмол қилиш тартибини белгилайди, шунингдек суғориш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларини ташкил этади.
54-модда. Сув истеъмолчиларининг сув объектларидан бериладиган сув оқими маромини ўзбошимчалик билан ўзгартиришини тақиқлаш
Сув истеъмолчиларининг сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда сув сарфини кўпайтириш ёки камайтириш мақсадида сув объектларидаги гидротехника иншоотларини ўзбошимчалик билан ўзгартириши, шунингдек уларга муваққат тўсиқлар, насос станциялари (агрегатлар) ва сувни кўтарадиган ҳамда сув оладиган бошқа иншоотларни қуриши тақиқланади.
Рўйхатдан ўтказилмаган сув ажратиш жойларидан ўзбошимчалик билан сув олиш тақиқланади»;
42) 55-моддадаги «Каналлар ва бошқа» деган сўзлар «Сув объектлари ва» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
43) 56-модданинг номи ва биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«56-модда. Сув объектларидан саноат мақсадларида ва иссиқлик энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари
Сув объектларидан саноат мақсадларида ва иссиқлик энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сув истеъмолчилари, ушбу Қонуннинг 351-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, сув таъминотининг айланма ҳамда такрорий тизимларини жорий этиш орқали сув сарфини камайтириш ва оқинди сувларнинг оқизиб юборилишини тугатиш чора-тадбирларини кўриши шарт»;
44) 57-модданинг матнидаги «корхона водопровод сувини белгилаб қўйилган миқдордан ошиқ сарф қилиб юборган» ҳамда «маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари» деган сўзлар тегишинча «корхона водопровод сувини лимитдан ортиқча олган» ҳамда «маҳаллий давлат ҳокимияти органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
45) 59-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув объектларидан гидроэнергетика эҳтиёжлари учун фойдаланиш иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари манфаатлари ҳисобга олиниб, қишлоқ ва сув хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида, тегишли ҳолларда эса, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда табиатни муҳофаза қилиш органларининг қарорида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, сувлардан комплекс ва оқилона фойдаланиш талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади»;
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Гидроэнергетика корхоналари ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:
сув объектларининг фойдаланиш қоидаларида белгиланган иш режимига, шу жумладан сув омборларини тўлдириш ва ишга тушириш, улардан сув чиқариш ҳамда сувнинг юқори ва қуйи сатҳи ўзгаришининг режимига риоя этиши;
санитария ва табиат муҳофазаси мақсадларида сув омборларидан сув чиқариб турилишини таъминлаши шарт»;
46) 62-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«62-модда. Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларидан ёки ов қилиш участкаларидан фойдаланувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мажбуриятлари
Фойдаланиш учун балиқчилик хўжалиги сув ҳавзалари ёки ов қилиш участкалари бериб қўйилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ушбу Қонуннинг 35 ва 351-моддаларида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:
балиқ захираларининг урчиб кўпайиш шароитларини таъминлаши;
ирригация-мелиорация тармоқларини, сунъий ҳовузлар ва бошқа балиқчилик хўжалиги иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклашни амалга ошириши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши;
зарур мелиорация ишлари олиб бориши ҳамда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар жойлашган ерлардаги қирғоқ участкаларини лозим даражада санитария ҳолатида сақлаши шарт»;
47) 64-модданинг биринчи қисмидаги «ҳокимият ва бошқарувнинг маҳаллий органлари» деган сўзлар «маҳаллий давлат ҳокимияти органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
48) XVII бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«XVII БОБ. МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН ТАБИИЙ ҲУДУДЛАРДА ЖОЙЛАШГАН СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ»;
49) 70-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Кема қатнови учун сув объектларидан фойдаланиш қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади»;
50) 73-модданинг биринчи қисмидаги «кончилик назорати давлат» деган сўзлар «саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
51) 74-модданинг биринчи қисми «сувдан фойдаланувчи» деган сўзлардан кейин «ҳамда сув истеъмолчиси» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
52) 78-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув омборларида тўғонлар, дамбалар, сув ўтказадиган ва сув оладиган иншоотлар, гидроэнергетика мажмуаларидан ҳамда бошқа иншоотлардан фойдаланувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фойдаланиш қоидалари ҳамда сув омборларининг таъсир зоналаридаги сувдан фойдаланувчилар, сув истеъмолчилари, ер участкаларининг мулкдорлари, ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда сув омборларини тўлдириш ва ишлатиш борасида белгиланган режимга риоя қилиши шарт»;
иккинчи қисми «сувдан фойдаланувчиларнинг» деган сўзлардан кейин «ва сув истеъмолчиларининг» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
53) 79-модданинг матни «қўмитаси» деган сўздан кейин «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
54) 80-модданинг матни «органлари» деган сўздан кейин «ҳамда катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш органлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
55) 82, 83 ва 84-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«82-модда. Гидроузеллар ва бошқа гидротехника иншоотларидан фойдаланиш тартиби
Дарёлар, сойлар, каналлар ва коллекторлардаги қишлоқ ва сув хўжалиги органлари томонидан фойдаланиладиган гидроузеллар ҳамда бошқа гидротехника иншоотлари давлат мулки бўлиб, улардан белгиланган тартибда фойдаланилади.
Сув истеъмолчилари уюшмалари, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларнинг гидромелиорация тармоғидаги гидротехника иншоотлари, шу жумладан суғориш каналлари ва коллектор-дренаж тармоқлари сувдан фойдаланувчилар томонидан мансублиги бўйича ишлатилади.
Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда бошқа сувдан фойдаланувчилар билан шартномавий асосда гидромелиорация тармоғига ва ундаги иншоотларга техник хизмат кўрсатишни ўз зиммасига олиши мумкин.
83-модда. Ўзбекистон Республикасининг ва Орол денгизи ҳавзасидаги бошқа давлатларнинг ҳудудида жойлашган трансчегаравий сув объектларидан фойдаланишни тартибга солиш
Ўзбекистон Республикасининг ва Орол денгизи ҳавзасидаги бошқа давлатларнинг ҳудудида жойлашган трансчегаравий сув объектларидан (Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари, Орол денгизи ва бошқа трансчегаравий сув объектларидан) фойдаланишни тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
84-модда. Трансчегаравий сув объектларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли
Трансчегаравий сув объектларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли, сув хўжалиги ва сувни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси трансчегаравий сув объектларининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида тартибга солинмаган қисмида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади»;
56) XXIII бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«XXIII БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ»;
57) 85, 86 ва 87-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«85-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилувчи органлар
Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари, шунга ваколатли бошқа органлар ва судлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
86-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилишга доир ваколати
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудидаги сув объектларидан фойдаланиш масалалари юзасидан фуқаролар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш мазкур органларнинг ваколатига киради, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа давлат органлари ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно.
87-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилишга доир ваколати
Тегишли ҳудудда сув объектларидан фойдаланиш масалалари юзасидан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда фуқаролар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатига киради, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа органлар ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно»;
58) 88 ва 89-моддалар чиқариб ташлансин;
59) 90, 91 ва 92-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«90-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилишга доир ваколати
Турли вилоятлар ёки битта вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига киради, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа давлат органлари ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно.
91-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги халқаро низоларни ҳал қилиш
Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар ўртасида трансчегаравий сувлардан ва трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш тўғрисидаги низолар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланадиган тартибда ҳал қилинади.
92-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни кўриб чиқиш
Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низолар тарафлардан бирининг аризасига биноан кўриб чиқилади. Аризага сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар илова қилинади»;
60) 93, 94 ва 95-моддалардаги «Сувдан фойдаланишга» ва «Сувдан фойдаланиш» деган сўзлар тегишинча «Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига» ва «Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
61) XXIV бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«XXIV БОБ. СУВНИ ВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ»;
62) 98-модданинг:
номидаги «Сувни муҳофаза қилишни, шунингдек унинг ҳолати ва режимини яхшилашни» деган сўзлар «Сувни ва сув объектларини муҳофаза қилишни, шунингдек сув режими ва сувнинг ҳолатини яхшилашни» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
матнидаги «сувларнинг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар маҳаллий ҳокимият органлари» деган сўзлар «сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
63) 99-модда:
номи «Сувни» деган сўздан кейин «ва сув объектларини» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
биринчи қисмининг:
учинчи хатбошиси «сувни» деган сўздан кейин «ва сув объектларини» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«сувларни ўғитлар, заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа зарарли моддалар билан булғатиш»;
64) 100-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«100-модда. Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари
Сув объектларининг тупроқ эрозияси маҳсулотлари билан булғаниши, ифлосланиши, камайиши ва лойқа чўкишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, шунингдек қулай сув режимини сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш учун нормал шарт-шароит яратиш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари белгиланади.
Аҳолининг ичимлик, маиший ва даволаш-соғломлаштириш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сувларни муҳофаза қилиш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари белгиланади.
Сув объектларининг вазифаси, жойлашган ўрни ва техник кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарида хўжалик фаолиятининг махсус режими белгиланади.
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади»;
65) 103-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«103-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг сув етказадиган зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича мажбуриятлари
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар табиатни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология ва минерал ресурслар органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа манфаатдор органлар билан келишилган ҳолда ёки шунга ваколатли давлат органларининг ёзма кўрсатмалари бўйича:
сув тошқинларининг, сув босиши ва зах босишининг;
соҳиллар, ҳимоя дамбалари ва бошқа иншоотлар бузилиб кетишининг;
ерларнинг ботқоқланиши ва шўрланишининг;
тупроқ эрозиясининг, жарлар, ўпирилишлар юзага келишининг, сел оқимларининг ва сувлар етказадиган бошқа зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга ошириши шарт»;
66) 104-модда:
иккинчи қисмидаги «ҳокимияти органлари» деган сўзлар «давлат ҳокимияти органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисмидаги «ҳокимият органлари» деган сўзлар «давлат ҳокимияти органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
67) 105-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув етказадиган зарарли таъсирдан муҳофаза қилиш, зарарли таъсирнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш тадбирлари сувдан фойдаланувчилар, сув истеъмолчиларининг маблағлари ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан, республика ва минтақавий дастурлар бўйича эса республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади»;
68) 106-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«106-модда. Сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилишнинг иқтисодий чора-тадбирлари
Сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий чора-тадбирлари:
сув ресурсларидан фойдаланганлик, сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари, сув объектларини ифлослантирганлик ва уларга зарарли таъсир этишнинг ўзга турлари учун ҳақ олишни;
сувни тежайдиган технологияларни жорий этишда, сувни муҳофаза қилиш ва тежашда самарали бўлган фаолиятни амалга оширишда юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган солиққа, кредитга оид ва бошқа имтиёзларни;
ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий, экологик рағбатлантиришнинг ва бошқача рағбатлантиришнинг самарали чора-тадбирлари тизимини қўллашни назарда тутади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилишга қаратилган самарали чора-тадбирларнинг татбиқ этилишини рағбатлантириши ва тақдирлаши мумкин»;
69) 107-модданинг матнидаги «халқ хўжалигининг» деган сўзлар «иқтисодиёт тармоқларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
70) 110-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Сув хўжалиги баланслари ушбу Қонуннинг 8-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган сувлардан фойдаланишни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида тузилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан умумлаштирилади»;
71) 111-модданинг матнидаги «халқ хўжалигининг» деган сўзлар «иқтисодиёт тармоқларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
72) XXVII бобнинг ўзбекча матнидаги номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«XXVII БОБ. СУВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК»;
73) 115-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади»;
74) XXVIII бобнинг ўзбекча матнидаги номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«XXVIII БОБ. СУВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗИШ НАТИЖАСИДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ»;
75) ўзбекча матндаги 2-модданинг номи ва иккинчи қисми, 6-модданинг тўққизинчи хатбошиси, 7-модданинг олтинчи хатбошиси, 9-модданинг биринчи қисми, 20-модданинг матни, 26-модданинг биринчи қисми, 38, 46, 63, 66, 67 ва 71-моддаларнинг матнлари, 73-модданинг биринчи қисми, 75 ва 96-моддаларнинг матнлари, 101-модданинг тўртинчи қисми, 102-модданинг иккинчи қисми, 104-модданинг биринчи қисми, 115-модданинг номидаги ва 117-моддадаги тегишли сон ва келишикдаги «қонун» деган сўз тегишли сон ва келишикдаги «қонун ҳужжати» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Ветеринария тўғрисида»ги 935-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 335-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 6, 118-модда; 1997 йил, № 4-5, 126-модда) 8-моддасининг иккинчи хатбошисидаги «жамоа хўжаликлари, давлат хўжаликлари» деган сўзлар «фермер ва деҳқон хўжаликлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; 1996 йил, № 5-6, 69-модда, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 4-5, 126-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда, № 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 9, 498-модда, № 10, 536-модда, № 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, № 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, № 9, 416, 421-моддалар, № 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 181, 189,192-моддалар, № 9, 486, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 334, 335, 337-моддалар, № 10, 380-модда) 74-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«74-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш
Табиий сув оқимлари (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар), сув ҳавзалари (кўллар, денгизлар, ер ости сувли қатламлари) ва бошқа табиий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, сув олиш лимитларини бузиш, шунингдек лойиҳада назарда тутилган балиқларни муҳофаза қилиш иншоотлари ва қурилмалари бўлмаган ҳолда улардан сув олишни амалга ошириш —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса — икки бараваридан олти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, яъни сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан икки қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан олти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — олти бараваридан ўн тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 31 августда қабул қилинган «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги 113-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 188-модда; 1996 йил, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 4-5, 126-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
1) 6-модданинг еттинчи хатбошисидаги «жамоа хўжаликлари, деҳқон (фермер) хўжаликларига ва бошқа» деган сўзлар «фермер ва деҳқон хўжаликларига, бошқа» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 8-модданинг бешинчи қисми иккинчи хатбошисидаги «жамоа хўжаликлари, деҳқон (фермер) хўжаликлари» деган сўзлар «фермер ва деҳқон хўжаликлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 10-модданинг биринчи қисмидаги «жамоа хўжаликлари, деҳқон (фермер) хўжаликлари» деган сўзлар «фермер ва деҳқон хўжаликлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги 545-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 1, 14-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда) 32-моддасининг матни «сувдан» деган сўздан кейин «фойдаланувчиларнинг, сув истеъмолчиларининг» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
6-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 82-модда; 2003 йил, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 5, 90-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 12, 608-модда; 2009 йил, № 1, 1-модда) қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин:
1) 34-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар тузилади. Комиссиялар таркибига ер ресурслари ва давлат кадастри (комиссия котиби), қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва қурилиш, геология ва минерал ресурслар, давлат мулкини бошқариш, санитария-эпидемиология хизмати органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ва бошқа шахслар киритилади.
Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади»;
2) 43-модданинг бешинчи қисмидаги «ва сувдан фойдаланиш» деган сўзлар «сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 53-модданинг тўртинчи қисми «ижарага» деган сўздан кейин «очиқ» деган сўз билан тўлдирилсин;
4) 55-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«55-модда. Деҳқон хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш
Оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга томорқа ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади. Қишлоқ жойларда камида уч йил яшаб турганлик тўғрисидаги талаб янги суғориладиган ер массивлари учун қўлланилмайди. Бунда деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади. Мазкур қоида якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкаларига татбиқ этилмайди.
Деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкаларининг аниқ ўлчамлари ер ресурсларининг мавжудлиги, аҳолининг зичлигига қараб белгиланади. Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисидаги қарор туман (шаҳар) ҳокими томонидан ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг ижобий хулосаси асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.
Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар доирасида томорқа ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди савдоси асосида реализация қилиниши мумкин.
Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини олишга муҳтож бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимига оиласининг таркибини ва ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беради.
Туман (шаҳар) ҳокими ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг хулосаси асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тўғрисида қарор қабул қилади ёки аризачига ер участкаси бериш бўйича асослантирилган рад жавобини юборади.
Қишлоқ жойларда яшовчи ва ўз мулкида чорва моллари бўлган фуқароларга пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш учун вақтинча фойдаланишга ер участкалари берилиши мумкин.
Деҳқон хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкаларини бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади».
7-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги 600-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 84-модда; 2003 йил, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 12, 640-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
1) 11-модда биринчи қисмининг:
тўққизинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
ўнинчи хатбошиси тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
2) 12-модда биринчи қисмининг:
саккизинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
тўққизинчи хатбошиси саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
3) 4-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ КООПЕРАТИВИГА (ШИРКАТ ХЎЖАЛИГИГА) ЕР УЧАСТКАЛАРИ БЕРИШ. ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ»;
4) 16-модданинг:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«16-модда. Сув истеъмоли»;
биринчи қисмидаги «сувдан фойдаланиш» деган сўзлар «сув объектларидан сув олиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
8-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги 602-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 26 августда қабул қилинган 662-II-сонли Қонуни билан тасдиқланган таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 9, 162-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 3, 119-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 3-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий субъектидир»;
2) 4-модданинг:
биринчи қисмидаги «шахс» деган сўз «Ўзбекистон Республикасининг фуқароси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Фермер хўжалиги бошлиғининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно»;
3) 5-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва захира ерларда ташкил этилади»;
учинчи қисмидаги «10» ва «1» рақамлари тегишинча «30» ва «5» рақамлари билан алмаштирилсин;
4) III бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«III. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ ЮРИТИШ УЧУН ЕР УЧАСТКАЛАРИ БЕРИШ. ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ»;
5) 11-модданинг:
биринчи қисми «участкалари» деган сўздан кейин «очиқ» деган сўз билан тўлдирилсин;
тўртинчи қисмидаги «Қайта ташкил этилаётган» деган сўзлар «Фаолият кўрсатаётган, қайта ташкил этилаётган» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
бешинчи—ўн биринчи қисмлари қуйидаги мазмундаги бешинчи — ўнинчи қисмлар билан алмаштирилсин:
«Туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисидаги қарори вилоят ҳокими бошчилик қиладиган ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссияси томонидан тасдиқланганидан кейин кучга киради.
Қишлоқ хўжалиги кооперативининг (ширкат хўжалигининг) умумий йиғилиши ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси, муассасаси ва ташкилотининг ваколатли органи фермер хўжаликларига берилиши лозим бўлган ер участкаларини ижарачини аниқламаган ҳолда белгилаши мумкин. Бундай ҳолда фермер хўжалигига ер участкаси ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган тартибда берилади.
Ер участкасини ижарага олиш шартномаси фермер хўжалигининг бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланади.
Туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан, шунингдек ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссиясининг туман ҳокимининг қарорини тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.
Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари олган ва қишлоқ аҳоли пунктида тураржойи бўлган шахсларнинг томорқа ер участкаси сақланиб қолади.
Фермер хўжалигининг ер участкаси чегаралари натурада (жойнинг ўзида) ер тузиш хизмати органлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланади»;
6) 12-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (ширкат хўжаликларининг) таркибидан чиқиш ва фермер хўжалигини мустақил юритиш истагини билдирган аъзолари ушбу Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқига эга»;
7) 13-модда:
қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Фермер хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми талабларига жавоб берадиган ўз оила аъзоларидан бирига қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга бериши мумкин»;
еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари тегишинча саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
8) 15-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15-модда. Сув истеъмоли
Фермер хўжаликларининг сув истеъмоли уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган сув объектларидан сув олиш лимитлари асосида белгиланган тартибда амалга оширилади»;
9) 16-модда биринчи қисмининг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«электр энергияси, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитларнинг, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари етказиб берилиши, сув хўжалиги хизматлари, техник ва бошқа хизматлар кўрсатилиши учун шартномалар тузиш»;
10) 17-модда биринчи қисмининг саккизинчи—ўн тўртинчи хатбошилари қуйидаги мазмундаги саккизинчи — ўн бешинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«сув ресурсларидан сув истеъмоли тўғрисидаги шартномага мувофиқ фойдаланиши, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриши;
мазкур фермер хўжалиги аъзо бўлган сув истеъмолчилари уюшмаси балансида турган суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ва таъмирлашда белгиланган тартибда иштирок этиши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;
сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари, санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя этиши;
ер участкасини сақлаш шартларига ва сервитутларга риоя этиши;
меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини, ўз ходимлари учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаши;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек кўрсатилган хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда ўз вақтида тўлаши;
қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришда агротехника талабларига риоя этиши;
қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт»;
11) 19-модда:
тўртинчи қисмидаги «олиш, ижарага ёки вақтинча фойдаланишга олиш» деган сўзлар «олиш, сотиш, ижарага ёки вақтинча фойдаланишга олиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Фермер хўжалиги тугатилаётганда фаолиятни амалга ошириш даврида ўз маблағлари ҳисобига яратилган мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эркин тасарруф этиши мумкин».
9-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги 604-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 88-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 5, 89-модда; 2003 йил, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 5, 152-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 1, 1-модда) қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин:
1) 4-модданинг учинчи қисмидаги «деҳқон хўжалигининг аъзоси бир кишидан иборат бўлганда эса, шартнома асосида — ушбу модданинг иккинчи қисми талабларига жавоб берадиган ҳар қандай шахсга» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
2) 5-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Деҳқон хўжалиги ихтиёрийлик асосида тузилади ҳамда фуқарога белгиланган тартибда ер участкаси берилганидан ва деҳқон хўжалиги давлат рўйхатига олинганидан кейин ташкил этилган ҳисобланади.
Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва дов-дарахтлар билан қопланмаган ўрмон фонди ерларида, шунингдек захира ерларда ташкил этилади.
Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини олишга муҳтож бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимига оиласининг таркибини ва ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беради.
Туман (шаҳар) ҳокими ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг хулосаси асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тўғрисида қарор қабул қилади ёки аризачига ер участкаси бериш бўйича асослантирилган рад жавобини юборади.
Туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаси беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин»;
3) 6-модданинг:
биринчи қисмидаги «деҳқон хўжалиги бошлиғининг доимий яшаш жойидаги туман ҳокимлиги томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарур ҳужжатлар билан биргаликда ариза берилган пайтдан эътиборан уч кун ичида» деган сўзлар «қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисмидаги «Посёлка, қишлоқ ва овул» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
4) 2-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2-БОБ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИГА ЕР БЕРИШ. ЕРГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ, ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ»;
5) 8-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга томорқа ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади. Қишлоқ жойларда камида уч йил яшаб турганлик тўғрисидаги талаб янги суғориладиган ер массивлари учун қўлланилмайди. Бунда деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади. Мазкур қоида якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкаларига татбиқ этилмайди.
Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар доирасида томорқа ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди савдоси асосида реализация қилиниши мумкин.
Деҳқон хўжалигига ажратилган ернинг чегаралари натурада (жойнинг ўзида) ер тузиш хизмати органлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан расмийлаштирилади.
Томорқа ер участкасидан оқилона ва самарали фойдаланаётган деҳқон хўжалигига туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва реализация қилиш, озуқа етиштиришни ташкил этиш, шунингдек яйлов яратиш учун қисқа муддатли ижарага қўшимча равишда ер участкалари берилиши мумкин.
Деҳқон хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади»;
6) 11-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11-модда. Сув истеъмоли
Деҳқон хўжаликларининг сув истеъмоли уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган сув объектларидан сув олиш лимитлари асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Деҳқон хўжалигига бериладиган сувнинг сарфини ҳисобга олиш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш тартиби, шунингдек мазкур солиқ бўйича имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади»;
7) 16-модданинг тўртинчи қисмидаги «олиш, уни ижарага ёки вақтинча фойдаланишга олиш» деган сўзлар «олиш, сотиш, уни ижарага ёки вақтинча фойдаланишга олиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8) 20-модданинг тўртинчи қисми «туман» деган сўздан кейин «(шаҳар)» деган сўз билан тўлдирилсин;
9) 25-модда учинчи қисмининг биринчи хатбошисидаги «посёлка, қишлоқ ва овул» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
10-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги 820-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 9, 217-модда; 2004 йил, № 5, 90-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 1, 1-модда) 14-моддасининг матнидаги «сувдан бошқа тарзда фойдаланиш» деган сўзлар «бошқача тарзда сувдан фойдаланиш, сувни истеъмол қилиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
11-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги 69-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, № 5-6, 140-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 3, 119-модда, № 9, 494-модда, № 10, 536-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда) 29-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«29-модда. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув истеъмолини амалга ошириш кафолатлари
Фермер ва деҳқон хўжаликлари сув истеъмолини уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган сув объектларидан ҳар йилги сув олиш лимитлари асосида бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тенг ҳуқуқларда амалга оширади.
Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув объектларидан сув олиш лимитлари уларнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас, манбаларнинг суви камайган ҳоллар бундан мустасно.
Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув истеъмоли ҳуқуқини давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан чеклашга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади».
12-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, 12-сонга 1-илова; 2008 йил, № 12, 639-модда; 2009 йил, № 9, 330, 331-моддалар) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 84-модданинг бешинчи қисми «сувдан фойдаланиш» деган сўзлардан кейин «ёки сув истеъмоли» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
2) 257-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси «сувдан фойдаланишни» деган сўзлардан кейин «ёки сув истеъмолини» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
3) 260-модданинг иккинчи қисмидаги «сувдан фойдаланиш» деган сўзлар «сув объектларидан сув олиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
4) 263-модда учинчи қисмининг биринчи хатбошиси «сувдан фойдаланиш» деган сўзлардан кейин «ёки сув истеъмоли» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
5) 264-модданинг биринчи ва учинчи қисмлари «сувдан фойдаланиш» деган сўзлардан кейин «ёки сув истеъмоли» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
13-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2009 йил 26 декабрдаги 249 (4912)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 25 декабрь,
ЎРҚ-240-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 52-сон, 555-модда)

 

Рекламный блок-3

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

yIhZ4o15163372100362_b

Қозоғистондаги автобус ёнғинида ҳалок бўлганларнинг дастлабки рўйхати эълон қилинди

ФВВ Қозоғистондаги автобус ёнғинида ҳалок бўлганларнинг дастлабки рўйхатини эълон қилди. Унда 29 кишининг исм-шарифи келтирилган бўлиб, барчаси Наманган вилоятидан.