Главная / Иқтисодиёт / Тез орада яна нефть отилиши мумкин. Мингбулоқликлар суюнишни ҳам, куюнишни ҳам билмаяпти

Тез орада яна нефть отилиши мумкин. Мингбулоқликлар суюнишни ҳам, куюнишни ҳам билмаяпти

d9987fe2-2353-4992-a521-e0580aa6024a_w650_r1_sНаманган вилоятининг Мингбулоқ туманида 25 йилдан бери кўмиб қўйилган нефть конида июль ойида қайта бошланган бурғулаш ишлари 3500 метрдан пастроққа етгани хабар қилинди. Қазиш нефть қатламига яқинлашган сайин¸ конга яқин ҳудудлар аҳолиси унинг вулқондек портлаб¸ яна катта ëнғинга сабаб бўлишидан хавотир олмоқда; айни пайтда¸ хитойлик мутахассислар¸ уйма-уй юриб¸ бундай хавфнинг йўқлигини билдирган.

“Аҳли жамоа дуода”

Наманганда катта миқдорда нефть кони топилган, 6000 метр пастликда экан, ҳозирча 3500 метр кoвланиб бўлинди. Бугун масжидларда дуолар қилинди, тез орада янгилик кутиб қоламиз”¸ деб хабар тарқатди жума куни Telegram тармоғидаги наманганликлар гуруҳи.

6 ноябрь куни Озодлик суҳбатлашган мингбулоқликлар¸ бир неча ойдан бери хитойликлар етакчилигидаги мутахассислар Мингбулоқ конини бурғулашаëтгани ва шу кунларда халқ оғзида “пахта тезроқ тугасину¸ кондан нефтни эсон-омон олиш бошлансин” деган гаплар юрганини айтишди.

Янги кон бизнинг маҳалламиздан 600-700 метр нарида. У ëққа бизни ўтказишмайди¸ мелисалар турибди. Хитойликлар¸ Бухоро¸ Қаршидан келган ўзимизнинг мутахассислар ишлаяпти. Нефть чиқса¸ ишқилиб яна ëнғин бошланмасмикин¸ деган хавотир бор. Лекин хитойликлар таржимони билан уйма-уй юриб: “Қўрқманглар¸ ҳаммаси яхши бўлади. Бу сафар ëнғин чиқмайди”¸ деб айтишди. Кечаги жума ваъзида ҳам имомимиз дуо қилди¸ эсон-омон нефтларни қазиб олишсин¸ деб. Биз ҳам шу дуодамиз”¸ дейди бурғулаш ишлари бораëтган ҳудудга туташ Чордана маҳалласида яшовчилардан бири.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ расмий сайтида ëзилишича¸ Мингбулоқ конидан нефть ўзлаштиришга қаратилган дастур доирасида 255,3 млн.АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестициясини жалб этиш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда нефть заҳирасини кўпайтириш, шунингдек, Мингбулоқ конида 4 та янги қудуқни бурғулаш ва аввал бурғуланган 4 та қудуқни капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириб, нефть қазиб чиқариш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 5 июль куни расман старт берилган бу лойиҳа “Андижоннефть” АЖ ва Хитойнинг CNPC компанияси ўртасида тузилган “Мингбулоқнефть” қўшма корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.

Мингбулоқдаги бурғулаш ишларини Хитойнинг XIBU Drilling Engineering Company Limited ширкати амалга оширмоқда. 6000 метр чуқурликда жойлашгани тахмин этилаëтган янги кон ўзлаштирила бошланса¸ ундан йилига 200 минг тонна нефть қазиб олиш кутилмоқда.

Расмий хабарда лойиҳа доирасида 136 та янги иш ўрни яратилгани айтилади¸ аммо Озодлик суҳбатлашган мингбулоқликлар маҳаллий аҳолидан бу ерга ишга кирганлар борлигидан ҳозирча бехабарликларини билдирдилар.

Ўзбекистонни ҳайратга солган нефть вулқони ва ëнғин

Наманганнинг Мингбулоқ туманида улкан нефть кони чиққани хабари 1992 йил эрта баҳорида пайдо бўлган ва бу янгилик эндигина мустақил бўлиб¸ иқтисодий муаммолар гирдобига тортила бошлаган Ўзбекистон учун “яратгандан келган эҳсон” сифатида талқин этилган эди.

Бу коннинг очилиши муносабати билан қилинган расмий баëнотларда¸ Мингбулоқ нефти Ўзбекистоннинг нефть мустақиллигини таъминлаши айтилган эди.

“Ўзбекнефтгаз” корхонаси собиқ раҳбарларидан бири Анвар Ҳусаинов¸ 1992 йили Мингбулоқдан нефть чиқишини ноëб ҳодиса деб баҳолайди.

Мутахассисга кўра¸ СССР пайтида геологик тадқиқотлар учун қазиш бошланган қудуқдан¸ 1992 йил март ойида кутилмаганда қарийб 8000 метр чуқурликдан нефть вулқондек отилиб чиқа бошлаган:

– Ўшанда экологик фожиа олдини олиш учун махсус ҳукумат комиссияси тузилиб¸ мен унга муовин этиб тайинланган эдим. Битта қудуқдан бир кунда 25 минг тоннагача нефть отилиб чиққан эди ўша кунлари. Бу ниҳоятда катта оқим¸ ўзига хос рекорддир. Бу нефтнинг Норин дарëсига оқмаслиги олдини олганмиз – минглаб одам жалб этилиб¸ челакларда нефтни йиғиштириб¸ машиналарда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига ташиганмиз. Лекин ëнғиннинг олдини олишга муваффақ бўлинмади¸ деб эслайди 1992 йилги фавқулодда ҳодисани Ҳусаинов.

Озодлик гаплашган мингбулоқликлар¸ ўша кунлари нефть вулқонидан отилган қорамойнинг ўз томларигача босганини эслаб¸ кўп ўтмай бошланган даҳшатли ëнғиннинг қарийб уч ой давом этганини айтади.

Анвар Ҳусаинов¸ бу ëнғинни ўчиришнинг ниҳоятда қийин бўлганини таъкидлайди:

– Ўшанда Италиядан¸ Япония¸ Саудия ва Россиядан мутахассислар келишди¸ ëнғинни қандай ўчиришни маслаҳат қилишди. Бошқа чора топилмаганидан кейин¸ гидровзрив (гидропортлаш) қилишди. Ер қатламини портлатиб¸ вулқоннинг устига тушириб¸ ëнғинни ҳам¸ нефть чиқишини ҳам тўхтатишди¸ дейди 90-йиллар бошидаги фавқулодда ҳодиса тепасида турганлардан бири Анвар Ҳусаинов.

“Нефть яна вулқон бўлиб отилиши мумкин”

“Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Анвар Ҳусаинов¸ айни кунларда бурғуланаëтган Мингбулоқ конини ҳақиқий нефть кони дейишга ҳозирча асос йўқлигини айтади ва хитойлик мутахассислар олиб бораëтган ҳозирги бурғулашнинг ҳам асосан геологоразведка мақсадида эканини тахмин қилади:

– Йилига 200 минг тонна нефть чиқиши кутилмоқда¸ дегани бу бурғулаш илмий мақсадда қилинаяпти¸ дейишга асос беради. Кон учун бу жуда кам миқдор. Хитойликлар Фарғона тоғ тизимлари тагида¸ 6000-7000 метр чуқурликда катта нефть бўлиши мумкин¸ деган илмий фаразни текшириб кўришмоқда¸ назаримда. Бурғулаш битта-иккита конда бораëтган бўлса¸ бундай ҳолда ернинг чуқур қатламларида сиқилган нефть яна тўсатдан вулқондек отила бошлаши мумкин. Лекин ўтмишдагидан фарқли¸ ҳозирги лойиҳа пудратчилари бундай эҳтимолга технологик томондан тайëр деб ўйлайман¸ дейди Анвар Ҳусаинов Озодлик билан суҳбатда.

6 ноябрь куни Озодлик суҳбатлашган кон яқинида яшовчи айрим мингбулоқликлар¸ очилиши кутилаëтган янги коннинг ўз ҳудудлари¸ қолаверса¸ бутун Ўзбекистон учун хайрли бўлиши ҳақида дуо қилаëтганларини айтишди.

“Йўлларимиз бир аҳволда¸ шағал тўкиш давлат дастурига киритилипти эмиш. Касалхона-мактабларимиз бир аҳволда. Зора¸ ëнимиздан катта кон чиқиб¸ ҳамма ëғимиз яхши бўп кетса. Ўзбекистонда ҳам бензин арзонлаб¸ свет-газлар ўчмайдиган бўлиб қолса”¸ дейди чорданаликлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

jsOqdT15111480250448_b

Ўзбекистон АКТни ривожлантириш бўйича жаҳон рейтингида юқорилади

Ўзбекистон янги эълон қилинган АКТни ривожлантириш индексида 8 поғона юқорилади.