Главная / Спорт / World Taekwondo раҳбари Тошкентнинг фахрий фуқароси бўлди

World Taekwondo раҳбари Тошкентнинг фахрий фуқароси бўлди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (World Taekwondo) президенти Чо Чунг Вонни қабул қилди, деб хабар қилди ЎзА.


Давлат раҳбари халқаро спорт ташкилоти раҳбарига Ўзбекистонда таэквондони, аввало, ёшлар ўртасида оммалаштиришга қўшаётган шахсий ҳиссаси ва амалий саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирди.

Бугунги кунда ушбу жанговар санъат тури билан 20 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси шуғулланмоқда. 1993 йил Таэквондо миллий ассоциацияси ташкил этилди. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида фаолият кўрсатаётган таэквондо кафедрасида малакали мураббийлар тайёрланмоқда. Мамлакат спортчилари йирик халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишмоқда.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонда йирик халқаро турнирларни мунтазам ўтказиш, Бутунжаҳон федерациясининг Президентнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилаётган таэквондо факультети фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, Ўзбекистон ёшларини спортга кенг жалб қилишга қаратилган бошқа тадбирларда иштирок этиш масалалари муҳокама этилди.

Чо Чунг Вон Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва Ўзбекистонда таэквондо ва бошқа спорт турларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётгани учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этди. Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Ўзбекистон билан янги қўшма лойиҳалар ва кенг кўламли ҳамкорлик дастурларини амалга оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

11−13 август кунлари Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти кубоги учун биринчи Осиё минтақаси мусобақаси бўлиб ўтади.

Таэквондони оммалаштириш, Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси эътирофи сифатида Чо Чунг Вон Тошкент шаҳрининг фахрий фуқароси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фахрий фан доктори унвонига сазовор бўлди.

Ҳаққимизда

Check Also

villian_che

Барселонага Виллиан керак

Барселона клуби Челси яримҳимоячиси Виллиан билан шартнома имзолаши мумкин