Главная / Жамият / Қизириқда эски уйлар томини ёпиш харажати тадбиркорларга юкланди

Қизириқда эски уйлар томини ёпиш харажати тадбиркорларга юкланди

Сурхондарё вилоят, Қизириқ туман ҳокими марказдаги икки қаватли уйлар томини шифер билан ёпиш ҳаражатини маҳаллий тадбиркорлар зиммасига юклади. Бу ҳақда Озодликка арз қилган тадбиркорларнинг айтишича, ҳокимнинг бу топшириғини туман солиқ инспекцияси бошлиғи мажлисда уларга эълон қилган. Ишлаб чиқариш ёки савдо айланмаси кўламига қараб, уларга 500 минг сўмдан 5 миллион сўмгача “ўлпон” солингани айтилмоқда.

Қизириқ туманидаги бир гуруҳ тадбиркорлар номидан Озодликка келиб тушган шикоят хатида бундай дейилади:

“Ассалому алайкум. Биз Қизириқ тумани тадбиркорлари ҳар куни туман ДСИ бошлиғи Отабек Умировнинг хурмача қилиқлари ва босимидан чарчадик. Шу кунгача пахта териш учун ўрнимизга 20-25 минг сўмдан одам ёллаб келдик. Пахта тугаб, энди қутулдик деганимизда, қонунда йўқ янги солиқ чиқди. Туманимиз марказида икки қаватли уйларнинг томини шиферлаш учун ҳар биримиздан 500 мингдан 5 миллионгача пул ўтказишга мажбурлаяпти, агар ўтказмасак хар хил йўллар билан тадбиркорлик фаолиятимизга қаттиқ зарба бериш билан таҳдид қилмоқда”, деб ёзади тадбиркорлар.

84f91fc0-a772-48ab-942a-10aca74affcc_w650_r1_s

Қизириқ марказидаги икки қаватли уйлар

Озодлик cуҳбатлашган қизириқлик тадбиркорлардан бири унга ҳам шифер солиғи солинганини айтди:

“Ўша Умировнинг дастидан ишлаб бўлмай қолди. Ҳали қараса пахтага одам чиқар дейди, ҳали қараса уйнинг шиферини ёп дейди. Шу одам келдию қонунсиз тўла-тўлалар кўпайди, биз иш қилолмай қоляпмиз. Отабек Умиров ҳар бир тадбиркорни чақиртириб олиб, “бу ҳокимнинг топшириғи, марказдаги икки қаватли томсиз домлар видни бузиб турибди, шуни устига шифер қилиш учун ё пул берасан ёки қурилиш материали берасан”, деб талаб қиляпти. Менга шифер олиб бер, деди. Олиб бермасамчи десам, бўлмаса кейин қандай ишлашингни ўйлаб кўр, деди. Бу очиқ таҳдид, биламанки, олиб бермасам, эртага инспекторларини юбориб, бир нарсани баҳона қилиб, камчилик топади. Мажбур олиб бердим”, дейди тадбиркор.

Тадбиркорлик фаолиятини энди бошлаган қизириқликлардан яна бири, икки қаватли эски домларнинг томини ёпиш учун унга пул солиғи солинганини айтди:

“Тадбиркорлар билан ўтказилган йиғилишда ҳам солиқ бошлиғи домларнинг томини ёпиш учун пул ўтказинглар деди. Бу бор гап, ўзим ҳам ўша мажлисда қатнашганман. Яқинда болалар спортига 500 минг сўм ўтказдик, энди томга деяпти. Бундай ўтказ-ўтказлар жонга тегди. Лекин мен бунга пул бермайман, агар қўймаса фаолиятимни тўхтатаман”, дейди тадбиркор.

Аммо, исми сир қолишини сўраган бошқа бир тадбиркор икки қаватли уйларнинг томини шифер қилиш учун улардан пул талаб қилинмаганини айтди:

“Бизлар болалар спортига 500 минг ўтказдик, қўғирчоқ театри қурилиши учун 500 минг ўтказдик. Лекин бизга домларнинг томини ёпиш учун пул беринглар деб, ҳали сўралгани йўқ”, деди тадбиркор.

Озодлик Қизириқ тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Отабек Умиров билан боғланиб, тадбиркорларнинг иддаоларига муносабат сўради.

Аммо Отабек Умиров тадбиркорларнинг шундай иддаолари борлиги ҳақидаги саволимизни эшитиши биланоқ алоқани узиб қўйди.

Қизириқ туман ҳокими Тожимурод Мамараимов Озодлик билан суҳбатда икки қаватли уйларнинг томини ёпиш учун тадбиркорлар мажбурланаётганини инкор қилди:

“Ҳеч кимни мажбурлаётганимиз йўқ ва ҳеч кимни мажбурламаймиз”, деган Тожимурод Мамараимов селектор йиғилишида эканлигини айтиб, алоқани узди.

Ўзбекистонда тадбиркорлар турли хил тадбирларга, ободонлаштииш ишларига, хайрия жамғармаларига, жумладан, болалар спортини ривожлантириш фондига бир неча йиллардан буён пул ўтказишга мажбурланётганидан шикоят қилиб келадилар.

Жорий йилнинг август ойида Хоразм вилоятининг ҳар бир туманида “Нуронийлар маскани” қурилишига маҳаллий тадбиркорлар маблағ ўтказишга мажбурлангани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига сафари пайти қилган маърузасида ҳуқуқ-тартибот идоралари, жумладан прокурорлар янги иш ўринлари яратиб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошираётган тадбиркорларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиши, уларга “сиз” деб мурожаат қилиши лозимлигини таъкидлаган эди.

“Тадбиркорни “сиз” демаган прокурорни ўз ишига нолойиқ деб биламан. Ҳар ҳафтада вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари тадбиркорлар билан учрашиб, улар дардини тингласин. Улар фаолиятида учраётган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрсин. Негаки, биттагина иш ўрнини яратган тадбиркор жамият учун керакли одамдир”, – деган эди Шавкат Мирзиёев.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

8e782761-00be-45fa-afe8-d478767f20eb_cx5_cy5_cw89_w650_r1_s

Мирзиёевнинг танбеҳидан кейин ўқувчи қизларнинг бокиралигини текшириш кучайди

Самарқанддаги 2-туғруқхона врачлари ўсмир қизларнинг ҳомиласини ноқонуний тушириш билан боғлиқ жиноят иши фигурантлари бўлган эди. …